https://muzaffar.uz/yangiliklar/6444-geografik-chegaralarni-kesib-otuvchi-qimmatli-manba.html
Глобаллашув даврида инсоният тафаккури географик чегаралар билан эмас, балки билимлар ва тафаккур доираси, технологияларни ўзлаштириш даражаси билан ўлчанмоқда. Дунё мамлакатлари ва халқлари, уларнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, тарихи, сиёсий тизими, цивилизацион тараққиёти ҳақида мукаммал билимга эга бўлиш – ҳар қандай маърифатли жамиятнинг, ҳар бир зиёли инсоннинг интеллектуал эҳтиёжига айланмоқда.
Ана шундай талабни қондиришга хизмат қиладиган, юксак илмий-оммабоп қийматга эга нашрлардан бири, шу кунларда ижтимоий тармоқларда диққат марказига тушган “Дунё мамлакатлари” китоби деб айта оламан.
“Ижод чашмаси” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси Лазиз Раҳматовнинг ушбу янги асари оддий маълумотнома ёки катта миқдордаги фактларнинг жамланмаси эмас. У – география, сиёсат, тарих, дипломатия, маданият ва цивилизациялар ҳақидаги билимлар уйғунлашган маърифий энциклопедиядир.
Салкам 1200 саҳифалик ушбу салмоқли китоб муаллифнинг 10 йиллик изланишлари, таҳлил ва ижодий меҳнат маҳсулидир. Аввалги нашр 2019 йилда чоп этилган ва йиллар ўтиши билан уни янада бойитиб, тўлдирилган тарзда тақдим этиш зарурияти пайдо бўлган эди.
Муаллиф ўтган даврда китоб устида ишлаш жараёнида минглаб манбаларни синчковлик билан ўргангани, халқаро маълумотлар базаларидан унумли фойдалангани, энциклопедиялар ва илмий тадқиқотларга мурожаат қилгани, ўзбек олимларининг халқаро мавзуларда ёзган қўлланмалари, илмий ишларидан иқтибослар олгани асар мазмунидан ҳам сезилиб туради.
Китобнинг муҳим жиҳати шундаки, у фақат мамлакатларнинг фақатгина географик ўрни ёки пойтахти ҳақида эмас, балки қуйида йўналишлар:
* давлат тузуми;
* аҳолиси;
* тарихи;
* замонавий тараққиёт тенденциялари ҳақида ҳам кенг маълумот беради.
* иқтисодиёти;
* ташқи сиёсати;
* миллий қадриятлари;
* маданий меросига оид ва эътиборга молик қизиқарли маълумотларни ўринли келтиради.
Ҳар бир энциклопедик китобда жамланган катта ҳажмдаги билимларга ўзига хос ижодий талқин бериш бугун жуда муҳим. Шу маънода муаллифнинг кўп йиллик журналистик фаолияти ахборотни жонли ва қизиқарли тарзда тақдим этишга, миллий манфаатларимизга хос талқинни баён этишга бўлган муваффақиятли уриниш дейиш мумкин.
Айниқса, давлатлар ҳақидаги маълумотларнинг тарихий экскурсиялар, қизиқарли фактлар ва теран қиёслама таҳлиллар илмий-оммабопликни кучайтириши билан бирга ўқувчининг вақти қандай ўтганини билмай қолади.
Масалан, муайян мамлакат тараққиёти ҳақида сўз кетганда, унинг тарихий сабоқлари, маданий феномени ва сиёсий модели ҳам таҳлил қилинади. Бу эса китобни геосиёсий фикрлаш учун ўзига хос қўлланмага айлантиради.
Китобнинг рангли суратлар билан бойитилгани унинг эстетик ва маърифий қийматини янада оширади. Ҳар бир мамлакат ҳақидаги маълумотнинг визуал образлар билан мустаҳкамланиши ўқувчи тасаввурини кенгайтиради.
Афсуски, Ўзбекистонда энциклопедик китоблар кўп эмас. Айниқса, миллий қараш ва мустақил таҳлил асосида яратилган ўзбек тилидаги қомусий нашрлар жуда кам учрайди. Бир пайтлар гуркураб ишлаган Миллий энциклопедия нашриёти ҳам йўқолиб кетди.
Охирги уч йилда “Қанот” лойиҳасини фаол олиб бораётган муаллифнинг маънавий миссияси – “Дунё мамлакатлари” ана шу бўшлиқни тўлдирувчи муҳим асар сифатида бугун жуда зарур ва керакли қўлланмадир.
Маданий оламнинг ижодий харитаси