ЭШАКМИСАН?
Бир тунда халифа масжидда бировнинг оёғига тегиб кетди. Шунда ҳалиги киши жаҳл билан: “Эшакмисан?!” — деб юборди. Туртилган ким эканини билмаган эди. Халифа “Йўқ” дея узр сўраб кетди. Ёнидаги мулозимлари ҳайрон қолиб, ҳалиги кишини жазолашни ўйлади. Шунда халифа: “У эшакмисан деди, мен йўқ дедим, бўлди, шу билан ҳеч нарса ўзгармади”, — дея жавоб қилди.
Гоҳида ҳаётни ана шундай осонлаштириш керак. Ҳар бир саволни жиддий олиш, ҳар бир нарсанинг тагига етишга ҳаракат қилиш, айбдорнинг айбини бўйнига қўйиб сазойи қилиш шарт эмас. Гоҳида сизни алдаётган кишининг юзига тупургингиз келади, ёлғонини исботлаб, ёнингиздан қувиб солмоқчи бўласиз. Бу билан ҳаётни ўзингизга қийинлаштириб юборасиз, холос. Алдаётганини билсангиз, ишонмай қўйинг, тамом.
Баъзан обрў, ҳурмат талашамиз. Бизни ҳақорат, маломат қилган, камситган кишини “ўрнига ўтқазиб” қўймагунча чаккамизнинг бўртиб чиққан томирлари жойига қайтмайди. Ваҳоланки, биз эргашадиган Зот нафслари учун ўч олмас, талашмас, шахсларига оид масалада ғазабланмас эдилар. Бу борада Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари жуда яхши муттабеъ эдилар. У кишининг шаънларига нолойиқ сўз айтадиганлар, обрўсизлантирмоқчи бўлганлар учраб турар эди, ҳазрат уларга парво қилмай, хизматга эътибор қаратишга чорлар эдилар.
Муносабатларда ана шундай кенгбағир, очиқ, самимий бўлиш тарафдориман. “Дўстим бу гапни қандай қабул қилар экан, қандай тушунар экан” деган ўйда қўрқиб гапириш дўстона муносабат эмас. Агар мен ёки дўстим бир-биримизни тушунмасак, буни очиқ сўрашимиз керак. “Бу гапингизни тушунмадим, қандай маънода айтдингиз?” каби. Ёки хато қилсак, “Хато қилдингиз” дея огоҳлантириш керак. Чунки бир-биримизга дўст эканимиз ҳақида орада мустаҳкам ишонч бор. Агар тушунганимизча иш қилиб, “орқадан” ҳаракат қилсак, демак, ишонч дарз кетган.
Оилавий муносабатлар ҳам худди шундай. Эр-хотин бирор масалада зиддиятга борганда очиқ гаплашиб олиши, тушунганича хулоса чиқариб “заҳрини сочгандан” кўра, аслида ҳолат қандайлигини билишга интилиш, зарур бўлса, тушунтириш бериши керак.
Бугун бирортамиз аёлимизга “Эшакмисан?” деб айта олмаймиз деб ўйлайман. Аслида, бу айтиш тарғиб қилинган гап эмас, ҳақорат ҳам бўлади. Аммо тасаввур қилиш учун айтяпман — мунсабатларимиз қандай эканига кўзгу тутиш учун. Оддий фуқаро халифага шу гапни айтганда “Йўқ” деган жавобни олган эди. Бугун биз “Қаерга кетяпсан?” деб сўраб гап эшитиб қоладиган даврда яшяпмиз. Асаблар таранг, қўл тегса ёрилиб кетадиган пуфакдек бир сўзга тоқат қолмаган.
Соғлом муносабатларда менинг муаммом учун бошқа биров жабр кўрмаслиги керак. Бошим оғриса, ишимда камчиликлар бўлса, оиламга бақиришим, дўстимга қовоқ қилишим ўринли эмас. Ҳа, биз робот эмасмиз, ҳамиша кулиб тура олмаймиз. Гоҳида битта сўз ҳам ортиқчалик қилади. Аммо ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини беринг. Муаммолар, оғриқлар, дардларни эса, Ҳал қилувчи, Шифо берувчи Зотга айтинг. У билан танҳо қолиб суҳбатлашинг. Бор шикоятингиз, аламингизни Унга тўкиб солинг. Тиланинг, ялининг, эркаланинг, зорланинг. Ниманики бўлса, Унга қилсангиз, қабул қилади, кушойиш беради. Ечим Унда, нажот Унда. На эрда, на фарзандда, на дўстда. Уларнинг барчасининг сизда ўз ҳаққи бор. Улар ҳам сиз каби елкаси қисиқ бандалар. Уларга ҳам ҳаёт қай бир томондан зарба берган. Ичида охирига етмаган оҳи бор.
Муносабатлар бир-бирига суянч бўлиши керак. Бировнинг қалби сизга чиқитдон эмас — заҳрингизни, қаҳрингизни, ғазабингизни сочадиган жой эмас. Юқоридаги воқеада фуқаро шундай хатога йўл қўйиб жаҳл қилган эди, аммо раҳбар афвни лозим тутди. У ҳам жавоб қилиши, ҳатто жазолаши мумкин эди. Аммо бунда бу ҳалқа каттариб кетар, қалблар жароҳатланар эди. Кимдир сизга “чиқинди” улоқтирса, сиз ҳам унга “чиқиндингиз”ни улоқтиришингиз шарт эмас. “Чиқинди”ни “челак”ка солинг ва унинг бўш қолган “челаги”га “гул” узатинг. Шунда кейинги гал сизга “чиқинди” эмас, “чечак” келишидан умид қилинади.
#Таҳрирланмаган_ўйлар