Худойимнинг “Бари гал”и
Бир неча кун муқаддам совуқ хабар эшитдим — биринчи ўқитувчим Матлуба опам вафот этибдилар... Ичимдан нимадир узилгандек бўлди... Афсус, кеч хабар топганим учун жанозаларига қатнашолмадим... Болалигим, қадрдон 153-мактабим, синфдошларим, улар билан кал бўлиб тушган антиқа расмларим, “оқ терак, кўк терак”, “ланка” ўйинлари, синфда “шеф”лик учун сабабсиз муштлашганларим, эски мактабнинг краска ҳидлари... ҳамма-ҳаммаси томоқдаги аччиқ ёш аралаш димоққа урилди.
Матлуба опа мен учун умрини миллат таълимига нисор қилган буюк устоз эдилар. Улар наинки мени, балки раҳматли отам, амаким ва аммамни ҳам ўқитган — бир неча авлодлар устози эдилар. Қўлларидан минглаб ўқувчилар “учирма” бўлиб, ҳаётнинг кенг осмонига қулоч очган эди...
Уйларидан мактабга қадар маҳалламиз оралаб виқор билан юришлари, хаста, аммо жарангдор овозлари, қизил ручка билан ёзган чиройли ҳуснихатлари, жойи келса қулоғимиз тагига “шапалоқ” тортиб юборишлари (биз бундай ҳолатларда югуриб бориб ота-онамизга “гуллаб” қўймасдик!), касал бўлсак эринмай йўқлашлари, айниқса, синфда байрам бўлса патифонда Насибанинг “Бари гал”ига хиром айлашлари... кино тасмасидай кўз олдимдан ўтиб турибди.
Матлуба опа, Сиз Худога яқин ОДАМ эдингиз. Ахир, “мураббий” сўзи “Раб”дан олинган-ку. Сизни янаям яқиндан кўргиси келиб Худойим “Бари гал!” деса, яна ўша назокат билан хиром айладингизми?..
Илоҳим, Сизнинг тимсолингизда ўтиб кетган барча устозларимизнинг руҳониятлари доим шод, охиратлари обод бўлсин! Ўқитган “Алифбо”лари, дарсларидаги ҳар бир ҳарф беҳисоб савоб бўлиб, қабрларига абадан нур бўлиб ёғилиб турсин!