Моддий илмлар маънавият бера олмайди
Математика, физика, кимё, фалакиёт, тиббиёт, зироат, биология, қўйинги барча фанлар моддани ўрганади ва шу орқали моддалардан қандай фойдаланиш йўлларини кўрсатади. Бу илмлар инсон ҳаёти фаровонлиги учун зарур. Айниқса, бугунги кунда мамлакатнинг осуда ҳаёти, тараққиёти учун бу илмлар долзарб. Бироқ моддани ўрганиш билан маънавият юксалиб қолмайди. Модданинг бор хусусияти шу, бундан ортиғини ундан кутиш нодонликдир. Яна ҳам аниқроғи, моддага оид илмлар руҳга бевосита озуқа бўла олмайди, ахлоқни тузатмайди, юксалтирмайди. Бошқача қилиб айтганда, моддани ўрганиш ва унга тааллуқли илмлар, инсон шахсиятини шакллантира олмайди. Ҳар бир натижа учун унга восита бўлган илмга муҳтож бўлинади. Бири бошқасининг ўрнини боса олмайди. Аллоҳ таоло дунёни шундай яратган ва буни ўзгартириш имконсиз.
Бугунги кунда Ғарб маданиятининг намоёндалари, моддий илмларнинг етакчилари ҳақида тарқалаётган хабарлар юқоридаги гапнинг ёрқин далилидир. Моддий илмлар уларни одам қила олмаган. Илон Маск ҳар чанд уринмасин, ўғлини ўз жинсини ўзгартиришдан қайтара олмади. Моддий илми ҳам, топган бойлиги ҳам тарбияда ҳеч нарсани ҳал қилиб бермади. Олдинда ҳам кўплаб Ғарб кашфиётчилари ва ихтирочиларининг шахсий ҳаёти шу каби пораканда бўлган. Уларда ахлоқий гўзаллик, инсоний фазилатлар топилмаган. Негаки, улар бундай олий илмлардан узоқ бўлган. Мусулмон уламоларгина илмнинг бу икки қанотини бир хилда жамлай олган.
Бундан ташқари, Япония, Хитой, Германия каби мамлакатларда моддий тараққиёт қанчалар юксаклган бўлмасин, бугун ахлоқий таназзул, оилалар йўқ бўлиши, насл тўхташи каби муаммоларга дуч келмоқда. Уларнинг ичидаги инсофлилар уларни бу буҳронлардан фақат илоҳий таълимот, Ислом дини қутқаришини очиқ айтмоқда. Бу ҳақиқат кундан кунга ўз тасдиқини топиб, янада равшанлашиб бормқда.
Тўғри, моддий илмни ҳам иймону ихлос билан ўрганиб, уни ҳам ибодатга айлантириш, у билан шуғилланишдан руҳга озуқа олиш мумкин. Бироқ бунинг учун иймон ва диний илм керак, бусиз иложсиз.
Бугун биз дунё тажрибасидан керакли хулосалар олишимиз лозим. Фарзандларимизга моддий илмларни ўргатиш билан бирга, маънавиятни, дину диёнатни таълим беришимиз зарур. Моддий илмлар асосан касб ҳунар сифатида керак, аммо улар инсон маънавиятини шакллантиришга ярамайди. Маънавиятнинг чин озуқаси, ҳақиқий давоси Аллоҳ юборган ваҳий илмидир. Бусиз ҳар қандай уриниш чала бўлиши аниқ, кўпинча хурофотга қоришиб кетади. Ваҳийнинг сўнгиси ва ўзгаришсиз сақлангани Қуръону Суннатдир. Буюк алломаларимиз бу борада бизга энг яхши намунадир.
Матн ёзилди: 02.02.2026