#Депутат_муносабати
Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан танишуви ҳамда мамлакатимизда олий таълим, фан ва инновациялар тизимини янада такомиллаштириш юзасидан тақдим этилган таклифлар муҳокамасини депутат ва олий таълим ташкилоти раҳбари сифатида кузатдим. Мазкур жараёнларда билдирилган фикр ва тавсиялар юртимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Йиғилишларда қайд этилганидек, Бухоро вилояти бугунги кунда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизматлар соҳаларида улкан салоҳиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, нефть-газ кимёси, қайта тикланувчи энергия манбалари ва йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, аграр соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чорвачиликни ривожлантириш орқали ҳосилдорлик ва бандликни ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Туризм соҳасидаги кенг кўламли режалар эса Бухоронинг жаҳон миқёсидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Янги туризм объектлари, меҳмонхоналар ва инфратузилмаларни барпо этиш, миллионлаб сайёҳларни жалб этиш орқали хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг муҳим драйверига айланмоқда.
Айни пайтда, олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар мамлакатимизда интеллектуал салоҳиятни янада юксалтиришга хизмат қилади. Хусусан, миллий тадқиқот университетлари фаолиятини ривожлантириш, илмий кластерлар ташкил этиш, таълим ва илм-фанни ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш каби ёндашувлар замонавий иқтисодиёт талабларига мос кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бу жараёнларда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти каби етакчи олий таълим муассасалари учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Институт ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тиббиёт соҳасида инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш орқали ҳудуд ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
Шу билан бирга, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш орқали ёшларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, уларни инновацион фаолиятга кенг жалб этиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотлар ўзаро уйғун ҳолда амалга оширилиши натижасида Бухоро вилояти иқтисодий жиҳатдан барқарор, инновацион ривожланган ва юқори интеллектуал салоҳиятга эга ҳудудга айланади. Энг муҳими, бу ўзгаришлар марказида инсон манфаатлари, аҳоли фаровонлиги ва келажак тараққиёти турибди.
Шухрат Тешаев
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори,
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати
https://t.me/rost24tez https://t.me/buxorodatalim